avatar
Куч
0.00
Рейтинг
0.00

Мақолалар

СЕНИНГ КАМОЛИНГ – МЕНИНГ ТОЖИМ

“Менинг бобом, бувим-маҳалламиз фахри” мавзусида ташкил этиладиган “Энг яхши иншолар” танлови
Илм-фан
 
«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури доирасида ўтказилаётган «Менинг бобом, бувим – маҳалламиз фахри» мавзусида иншолар танловига
 
СЕНИНГ КАМОЛИНГ – МЕНИНГ ТОЖИМ
Усмон бобомнинг бу сўзлари менга катта куч ва шижоат бағишлайди
 
«Сен ҳали кўп ютуқларга эришасан. Бахтинг ва камолинг менга тож бўлади. Бахтиёр, келажаги бор, имкониятлардан оқилона фодаланаётган «мағизларим»нинг мазаси бирам тотлики...»
 
Ҳар тонг бобомнинг шу сўзлари ёхуд алқаган ва дуо билан эркалаётган ширин суханлари менга ўзгача куч бағишлайди. Мактабга шошилар эканман, бугунги куним албатта ютуқларга бой бўлишини биламан. Чунки бобомнинг дуолари, ўгитлари, насиҳатлари қулоғим остида доим жаранглайди.
 
Дуогўйимни биргина мен эмас, бошқа набиралари, қўни-қўшнининг болалари, маҳалла аҳли ҳам жуда ҳурмат қилади, қадрлайди ва яхши кўради. Уларнинг дуоларини олишга интилади. Бобом ўқитувчи бўлган. Узоқ йиллар мактабда дарс берган. Шу боис уйимиздан уларнинг шогирдлари, мактаб жамоаси аримайди. Маҳалладагилар меҳрибонимни нафақат жонкуяр устоз, балки севимли ота, маслаҳатгўй турмуш ўртоқ ва фарзандлари келажаги учун фидойи қайнота деб ҳам билишади. Нега дейсизми? Онажонимнинг айтишларича, улар ўқимасдан олдин дадамга турмушга чиққан эканлар. Аммо бобожоним ойим ўқимишли бўлишини хоҳлаб, биз, фарзандларини яхши тарбиялаши, билимли, доно, зукко қилиб вояга етказишлари учун ўқитган эканлар. Ойим ҳам ҳозир мактабда дарс беради. Улар доим юртбошимизнинг «Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт», деган сўзларини такрорлайдилар. Биламан, бу сўзларнинг замирида бобожоним орзу қилган, аммо ета олмаган, «бугун сизлар яшаётган бахтиёр замон» дея таърифлайдиган яхши ҳаётнинг маъно-мазмуни мужассам.
 
Ҳаётда яхши одамлар кўп. Улар имкон қадар кимгадир яхшилик қилади. Маҳалламиз оқсоқолининг айтишича, бобом ана шундай саховатпеша, меҳрибон, бир сўз билан айтганда яхши инсон эканлар. Маҳалла ишларида фаол. Тўй-ҳашам, маърака, ҳашару бир жамоа бўлиб ўтказиладиган ҳар бир тадбирда бобожоним енг шимариб, хизматга шай бўлади. Ҳатто ҳозиргача дарс тайёрлашда қийналаётган ўқувчилар уйимизга келади. Уларнинг ҳар бирига эринмай, вақт ажратиб, астойдил ёрдам беришларига кўпчилик ҳавас қилади. Ёшлари етмишга етган бўлсада, ҳар ишда ёшларга кўмакчи, нуронийларга ҳамсуҳбат, ўсмирларга дўст ва сирдош.
 
Ёшлар жам бўлган даврада улар бобомнинг хотираларини эшитишни, ҳикояларини тинглашни исташади. Меҳрибоним юртимиз тарихи, ота-оналаримизнинг мактабда қандай таълим-тарбия олгани, ҳатто шўхликлари, ютуқлари, уларнинг ўзига хос фазилатларини ҳам айтиб берадилар. Улар нафақат оила аъзоларининг, менинг, балки, маҳалладошларимиз, мактаб жамоасининг ҳам фахридир.
 
Бугунги кун ва ўзларининг ёшлик даврларини эсга олиб, шарт-шароитларни қиёслаб воқеаларни айтиб беради. Очлик, бошпанасизлик, турли маиший қийинчиликлар ҳақида афсус билан эслайди. Бу каби суҳбатлар сўнгида бобом ҳеч кимга билдирмай кўз ёшларини артади.
 
Сабр-қаноат эгаси бўлган бу инсоннинг суҳбатларидан дилимиз яйрайди, кўнглимиз тоғдек кўтарилади. Қалбимизда келажакда албатта бир соҳанинг яхши мутахассиси, жамиятга керакли инсон бўлиб улғайишимиз учун кучли истак ва ишонч пайдо бўлади.
 
Юртбошимиз ташаббуси билан бу йилнинг «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилинганида бобом шу қадар қувондики, шодликлари ичига сиғмай кетди.
 
– Фарзандларимиз камолидан қувониб юрганимизда, биз, кексаларга яратилган қулайликларни кўринглар, – деб юборган эдилар беихтиёр Усмон бобом. – Шу кунларга етказганига шукр. Илоҳим, тинчлигимизга, осмонимиз тиниқлигига, болаларимнинг бахтига кўз тегмасин.
 
Меҳрангиз Усмонова,
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги
256-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси
(94)684-14-85